Статистик маълумотларга кўра, ҳар йили дунё бўйича ОИТСга олиб келадиган инфекция билан касалланган 1,4 миллион аёл ҳомиладор бўлади. Бу эса, туғилган ва эмизикли болага, ушбу инфекциянинг юқиш эҳтимолини 15 фоиздан 45 фоизгача оширади.
Гулистонда Сирдарё вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази ҳамда "INFAPRIM CA" масъулияти чекланган жамияти томонидан "ОИВ инфекциясининг тарқалиши ва профилактикаси, унинг онадан болага юқишини бартараф этиш йўллари" мавзусида ташкил этилган семинарда ана шу хусусда сўз борди.
Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тегишли мутахассислар, гинеколог, педиатр, неонатолог, юқумли касалликлар шифокорлари, эпидемиологлар иштирок этган тадбирда ОИВ инфекцияси, унинг тарқалиши ва профилактикаси, туққан, аммо касалликка чалинган она сути бола саломатлиги учун жиддий хавф туғдириши, кўкрак сути орқали она организмидаги инфекция бола организмига тушиши мумкинлиги тўғрисида фикр юритилди.
–ОИВ инфекцияси бўйича вазиятни таҳлил қилсак, Сирдарё вилояти Республикада ОИВ инфекциясининг янги ҳолатлари бўйича 14,6 интенсив кўрсаткич билан 3 ўринда турибди, – дейди Сирдарё вилояти ОИТСга қарши кураш маркази директори Гулифар Нормуратова. – Энг ачинарлиси, янги аниқланган ҳолатларнинг 40 фоизини меҳнат мигрантлари ташкил этади. Агар мигрантлар 40 фоизлик эмас, 100 фоизлик текширувлар билан қаралса, бу кўрсаткич бундан-да, юқори бўлиши мумкин.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида 11499 нафар ҳомиладор аёл, 4454 нафар никоҳланувчи ОИВ инфекциясига текширилди. Минг афсуски, текширувлар натижасига кўра, аҳолининг бу қатлами орасида ОИВ инфекцияси билан касалланган шахслар борлиги аниқланди.
Бемор она болани кўкрак сути билан озиқлантирганда инфекциянинг онадан болага юқиш хавфи 16 фоиздан 30 фоизгача ортади. Шунинг учун ОИТСга чалинган аёлларга болаларини кўкрак сути ва соғилган она сути билан боқиш тавсия этилмайди.
Семинарда болаларни овқатлантириш жиддий ва масъулиятли мавзу эканлиги, она сутигина гўдакни барча фойдали моддалар билан таъминлаш ва турли касалликлардан ҳимоя қилишга қодир эканлиги, она сути гўдак организмини эрта аллергия ривожланишидан, дисбактериозлардан, инфекциялардан ҳимоялаши ва модда алмашинуви бузилишининг олдини олиши мумкинлиги, аммо бемор оналар сути баъзан болага касалликни юқтиришда асосий омил бўлиб қолиши ҳам мумкинлиги таъкидланди.
Тадбирда ОИВ инфекциясининг олдини олиш, бу тўғрида аҳоли хабардорлигини ошириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган масалаларга тўхталиб, бажариладиган ишлар режаси белгилаб олинди.